Yunus Rajabiy / Юнус Ражабий. Hujjatli film. U Tube

31.10.11 | Admin


http//photoload.ru/data/4b/32/4c/4b324cf0e7ed5030d250999c6c097a02.jpg


Yunus Rajabiy / Юнус Ражабий
Director:Х.Валиев
Senario: Х.Ражабий
Publisher: Илмий оммабоп ва хужжатли фильмлар» ст
Publication date: 1997
Language: Uzbek

Цитата:

Юнус Ражабий
Таржимаи ҳол

Бастакор, хонанда ва созанда, академик Юнус Ражабий 1897 йилда Тошкентда туғилган. Аввал мадрасада, сўнг 1919-1922 йилларда Туркистон халқ консерваториясида, 1934 йилда Тошкент Олий мусиқа мактабининг тайёрлов курcида, 1940-1941 йилларда Москвада бастакорлар курсида таълим олган Ю. Ражабий халқ мусиқа меросини Мирзақосим ҳофиз, Ш. Шоумаров, Тўйчи Ҳофиз, Домла Ҳалим Ибодовлардан ўрганган. Меҳнат фаолиятини 1923-1925 йилларда Самарқанд педагогика билим юрти тўгараги ўқитувчиси сифатида бошлаб, 1925-1926 йилларда Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари, 1927-1959 йилларда Ўзбекистон радио қўмитаси қошидаги халқ чолғу асбоблари ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари, 1942-1945 йилларда Тошкент вилоят Янгийўл мусиқали драма ва комедия театрининг мусиқа раҳбари, 1959-1976 йилларда Ўзбекистон Телевидениеси ва радиоэшиттириш Давлат қўмитаси ҳузуридаги мақом ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари вазифаларида ишлади.
Ю.Ражабий аввало кенг маданий жамоатчиликка ўткир ширали овозга эга бўлган истеъдодли хонанда сифатида танилган эди. У айтган «Гиря», «Нолиш», «Кўча боғи», «Эшвой», «Курд», «Қаландари», «Шаҳно зи Гулёр», «Баёт», «Қаро кўзим», «Дугоҳи Ҳусайни», «Чоргоҳ», «Мискин», «Насруллойи» каби мақом йўлла ридаги ашулалар, у тиклаган «Субҳидам», «Ёлғиз», «Сайқал», «Сегоҳ», «Дугоҳ» ва бошқа қадимги ўзбек куй ва ашулалари ҳамон тингловчиларга эстетик завқ бағишлаб, дилларга ором бериб келмоқда. Хонандаликни бастакорлик билан бақамти олиб борган санъаткор ўзбек мусиқали драма жанрида самарали ижод этиб, куйлар, қўшиқлар, рақс куйлари, хор асарлари ёзди. Дастлаб Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин» (1922-1925), «Лайли ва Мажнун» (1926), Ў.Исмоиловнинг «Рустам» (1933), А. Ҳидоятовнинг «Аваз» (1935), Ҳамзанинг «Холисхон» . (1940) спектаклларига халқ ашулалари асосида куйлар басталаган бўлса, кейинчалик С. Абдулла ва Чустийнинг «Қўчқор Турдиев» (1942), Б. Надеждин билан ҳамкорликда А. Умарий ва Уйғуннинг «Қасос» (1941), К. Яшиннинг «Фарҳод ва Ширин» (1944), Г. Мушель билан ҳамкорликда Ҳ. Олимжонминг «Муқанна» (1943), Халилов билан ҳамкорликда С. Қосимов ва Л. Маматхоновнинг «Нодира» (1942-1943), Б.Зейдман билан ҳамкорликда Ҳ. Ғуломнинг «Ўғил уйлантириш» (1964), Сайфи Жалил билан ҳамкорликда Й. Маҳсумовнинг «Навоий Астрободда (1968) каби мусиқали драмаларини ва Т. Содиқов, Д. Зокиров, Б. Зейдманлар билан ҳамкорликда «Зайнаб ва Омон» операсини ёзиб, ўзбек мусиқали драма жанрининг шаклланишига катта ҳисса қўшди.
«Фабрика ялласи»,«Ёр-ёр»,«Мирзачўлда тўй», «Ўзбекистон», «Қаҳрамонлар ҳақида қўшиқ», «Бизнинг даврон», «Ватан ҳақида қўшиқ» «Халқлар дўстлиги», «Баҳор келди», «Шодлик», «Дугоналарга», «Кошки», «Гул барги», «Ғалаба» каби куй, хор асарлари, маршлари, «Ўйин баёти», «Ўйин дугоҳи», «Пахта» сингари рақс куйларини ҳам яратди.
Ўзбек мусиқа меросини тўплашда Ю. Ражабийнинг хизматлари ниҳоятда қатта. У 1935 йилдан бошлаб куй ва қўшиқларни,мақомларни тўплай бошлади. Шунинг натижаси ўлароқ Е.Романовская, А.Акбаровлар 1939 йилда тузган «Ўзбек халқ қўшиқлари» тўпламидан Ю. Ражабий нотага солган 29 та ашула ва қўшиқлар ўрин олди. Ю. Ражабий 1955-1959 йилларда (Й. Акбаров таҳрири остида) 5 жилдлик «Ўзбек халқ музикаси» тўпламларини нашр эттирдики, уларга турли жанрлардаги мингга яқин ўзбек (бир қанча тожик, уйғур) куй ва ашулалар, «Бухоро Шашмақоми», Тошкент, Фарғона мақом чўллари, қатта ашулалар, Ҳамза қўшиқлари, ўнлаб бастакорларнинг асарлари киритилган. Мақом ансамбли билан узоқ ишлаши натижасида, 1966-1974 йилларда (Ф. Қараматов таҳририда) «Шашмақом»нинг 6 жилдлик янги нашрини тайёрлади. Мазкур китобларга изоҳ берувчи 1978 йилда нашр этилган «Музика меросимизга бир назар» асари мақомчиларнинг ижро услубларини ўрганишда муҳим қўлланма бўлди. Устоз санъаткор Т. Содиқов, Д. Зокиров, Д. Соатқулов, Ф. Содиқов, Н.Ҳасанов каби бастакорларни, Н. Аҳмедова, Б. Давидова, К. Исмоилова, О. Имомхўжаев, О. Алимаҳсумов каби хонандаларни тарбиялаб вояга етказиш билан бирга Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий, Ўзбекистонда хизмат кўрсагган артист Тоҳир Ражабий каби фарзандларни ўстириб, улғайтирди. Улар оқил фарзанд ва ижодкор сифатида ўз оталарининг ишини давом эттирмоқдалар, унинг муқаддас номини абадийлаштириш йўлида самарали меҳнат қилмоқдалар.
Юнус Ражабийнинг ўзбек мусиқа ва қўшиқ санъати камолотидаги катта хизматлари 1958 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, Республика Давлат мукофоти (1973) билан тақдирланди. 1966 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди.
Ўзбекистон мусиқа санъатининг улкан арбоби Юнус Ражабий 1976 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди. Ўзбекистон Телевидение ва радио эшиттириш Давлат қўмитаси қошидаги «Мақом» ансамблига, Жиззах мусиқали драма театрига ва Тошкент мусиқа педагогика билим юртига, Тошкентдаги марказий кўчаларнинг бирига Юнус Ражабий номи берилди. Республикамиз маданий жамоатчилиги 1997 йилда Юнус Ражабийнинг 100 йиллик юбилейини кенг нишонлади. Ўзбек миллий маданияти ривожига улкан ҳисса қўшганлиги учун у 2000 йилда «Буюк хизматлари учун»ордени билан мукофотланди.


Поделитесь записью в соцсетях с помощью кнопок:

Просмотров: 4453
Рейтинг:
  • 5

Реклама от партнеров: